АҚШда торнадо қурбонлари сони 20 кишидан ошди

Жорий йилнинг 31 мартидан буён АҚШнинг жанубий ва ғарбий қисмида содир бўлаётган кучли торнадо оқибатида 22 киши ҳалок бўлди, юздан ортиқ одамлар жароҳат олди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Расмийларга кўра, Арканзасда камида беш киши, Иллинойсда тўртта ва Индианада уч киши ҳалок бўлган. Теннесси соғлиқни сақлаш департаменти торнадо билан боғлиқ еттита ўлимни тасдиқлаган.

Қайд этилишича, табиий офат еттита штатни қамраб олган ва турар-жой бинолари, бир қатор инфратузилма объектлари, жумладан, мактаб, черков ва театрни вайрон бўлишига олиб келган.

Иллинойс штатида кўп қаватли уйнинг қулаши оқибатида уч киши вафот этган. Шунингдек, ушбу штатда 260 киши бўлган театр томи қулаб тушган. Том қулаши оқибатида 40 киши тан жароҳати олиб, 1 киши вафот этган.

“Торнадолар Арканзасда биноларнинг томлари ва деворларини учирди, машиналарни ағдариб юборди, дарахтлар ва электр симлари қулатди”, дейди расмийлар.