Сенат аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилувчи қонунни қабул қилди

Сенат аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилувчи қонунни қабул қилди
Сенатнинг 39-ялпи мажлисида кўриб чиқилган «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун якунда сенаторлар томонидан маъқулланди.

Қайд этилишича, мазкур Қонун бугунги кунда хотин-қизлар ҳамда вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган турли хил зўравонлик ҳолатларига нисбатан қатъий жазо чораларини белгилаш билан бир қаторда бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.

Қонун билан «оилавий (маиший) зўравонлик» яъни хотинига ёки эрига, собиқ хотинига ёхуд собиқ эрига, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган зўровонлик учун тегишинча маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.

Шунингдек, эндиликда жинсий зўравонлик, шу жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари тадбиқ этилмаслиги белгиланиб, бундай жиноятлар учун жазо чоралари янада оғирлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, хотин-қизларга нисбатан шаҳвоний мазмундаги ҳаракатлар содир этганлик, таъқиб этганлик ҳамда ота-она ўз вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш борасидаги мажбуриятларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Қонунчиликка киритилаётган асосий ўзгартиришлардан яна бири шундаки, амалдаги қонунчиликка кўра номусга тегиш ҳамда жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш каби жиноятларни квалификация қилишда жабрланувчининг ёши айбдорга аён бўлиши асосий мезонлардан бири бўлган бўлса, эндиликда ушбу қоида бекор қилинмоқда, яъни айбдорнинг жабрланувчи ёшини билмаслиги уни Жиноят кодекси моддаларининг тегишли қисмларида назарда тутилган жавобгарликдан озод қилмайди.

Шу билан бирга, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликни содир этган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериш, шунингдек болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланишини тақиқлаш ҳамда бу турдаги жиноятларни содир этган шахсларнинг рўйхатини юритиш кўзда тутилмоқда.