Бўзсув каналига 18 та корхонадан кимёвий ифлосланган сув ташланаётгани аниқланди

Тошкентдаги Бўзсув каналига 18 та корхонадан кимёвий ифлосланган сув ташланаётгани аниқланди
«Бўзсув оқава сув тозалаш» иншоотида ўтказилган текширувларда Бош прокуратура ҳамда Экология вазирлиги мутахассислари объектга Тошкент шаҳрида жойлашган 18 та (15 та текстиль ва 3 та қушхона) тадбиркорлик субъектлари томонидан оқова сув тармоғига юқори концентрацияда ифлосланган, кимёвий моддалари мавжуд бўлган оқова сувлар оқизиб келинаётганлиги аниқланди.

Қайд этилишича, мазкур иншоот келиб тушган оқова сувларни биологик тозалашга мўлжалланган бўлиб, унда оқова сувларни кимёвий ва физикавий тозалаш имкониятлари мавжуд эмас.

Оқизилаётган оқоваларда эса меъёрга нисбатан азот аммоний концентрацияси, азот нитрит, кислороднинг биологик истеъмоли, кислороднинг кимёвий истеъмоли, нефт маҳсулотлари, фосфор, темир ва хром ортиқча эканлиги оқибатида, иншоот атрофидаги ҳавода водород сульфиди миқдори меъёрдан ошиб кетиб, ифлосланган сув «Қуйи Бўзсув» каналига қуйилмоқда ва бадбўй ҳид тарқалаётганлиги ҳудудда яшовчи аҳолининг норозиликларига сабаб бўлмоқда.

Бош прокуратура қонунбузилишларга йўл қўйган хўжалик юритувчи субъектларни «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ томонидан муқаддам берилган огоҳлантириш ва лаборатория таҳлил натижалари бўйича камчиликларни бартараф этмаганларга нисбатан ичимлик ва оқова суви хизматларини кўрсатиш бўйича тузилган шартномаларни бекор қилиш тўғрисида огоҳлантирди.