Қирғизистонлик депутат Ўзбекистон сингари бурқа кийишни тақиқлаш кераклигини айтди

Қирғизистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Шарапат Мажитова мамлакатда Ўзбекистондаги каби бурқа ва юзни беркитувчи кийим кийишни тақиқлаш кераклигини айтган. Унинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда бундай кийим киядиган аёллар сони ҳаддан зиёд кўпайган.

“Мен рўмолга қарши эмасман, ҳамма рўмол ўрасин. Лекин юзни беркитувчи ва одамни таниб бўлмайдиган кийим кийиш мамлакат хавфсизлигига зарар етказиши мумкин. Мамлакат миқёсида ушбу масала юзасидан чора-тадбирлар кўриш вақти келди”, деган депутат.

Маълумот учун, бурқа – Афғонистонда аёллар ўзларини кўрсатмасликлари учун тақадиган уст кийим. У Марказий Осиёда паранжи номи билан ҳам танилган, баъзи ислом урф-одатларида аёллар жамоат жойларида ўзларини ёпиш учун киядиган тана ва юзни қоплайдиган устки кийимдир. Бундай турдаги юзни ёпиб турувчи кийиниш шакллари исломдан олдинги даврлардан буён мавжуд бўлиб, айниқса пуштун ва араб аёллари орасида кенг тарқалган.