Самарқандда ҳам имтиёзли нархда тарқатилиши мўлжалланган кўмир талон-тарож қилинди

Мазкур ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, кўмир омбор мудирлари процессуал тартибда ушланган.

Давлат томонидан тарқатилаётган кўмирнинг аҳолига етиб бориши юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси органлари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Самарқанд вилоят филиали тасарруфидаги “Мароқанд” ва “Зиёвуддин” ҳудудий кўмир омборлари мудирлари куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган кўмирларни талон-торож қилганликлари аниқланган.

Хусусан, “Кўмир таъминот” МЧЖ Самарқанд ҳудудий филиали тасарруфидаги “Мароқанд” худудий кўмир омбори мудири А.Б. куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган 368,1 млн. сўмлик 1225,6 тонна кўмирлар маҳсулотларини гўёки фуқаролар олганлиги тўғрисида сохта маълумотлар тайёрлаб, нақд пулга сотиб, шахсий манфаатлари йўлида талон-торож қилган.

Шунингдек, “Кўмир таъминот” МЧЖ Самарқанд ҳудудий филиали тасарруфидаги “Зиёвуддин” ҳудудий кўмир омбори мудири Ф.С. куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган 549,5 млн. сўмлик 915,9 тонна кўмир маҳсулотлари талон-торож қилган.

Мазкур ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, кўмир омбор мудирлари процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мазкур йўналишда назорат тадбирлари давом этмоқда.