Осиё иқлими: 2024 йил ёзи 2023 йилги жазирамадан нимаси билан фарқ қилади?



Бирлашган Миллатлар ташкилотининг маълум қилишича, Осиё ҳудудлари 2023 йилда иқлим ва об-ҳаво ўзгариши сабаб дунёдаги энг кўп талафотга учраган минтақа сифатида тарихга мухрланди.

Статистикага кўра, ўтган йили ёзда ер юзидаги ҳаво ҳарорати рекорд даражага етган, БМТнинг об-ҳаво ва иқлим агентлиги маълумотларига кўра, жазирама ҳаво айниқса Осиё минтақасини тез суратлар билан қамраб олмоқда. Бутунжаҳон метрология ташкилоти ҳам Осиёда жазирама тўлқинларнинг кучайиб бориши фонида музликларнинг кескин даража эриб кетиши келажакда минтақадаги сув масаласига чанг солаётганини айтди. 

БМТ Осиёдаги иқлим вазияти ер юзидаги ҳарорат ва музликлар эриши, денгиз сатҳининг кўтарилиши каби ҳолатларни жадаллаштириб,  инсонлар хавфсизлиги ва иқтисод учун катта муаммоларни келтириб чиқаришини прогноз қилди. 

Жумладан, ўтган йили ҳам Осиё мамлакатларида юз берган иқтисодий йўқотишларнинг асосий сабаблари табиий офатлар бўлган эди.  

“Осиё 2023 йилда иқлим ва сув билан боғлиқ хавф-хабарларга тўла энг кўп талафотга учраган минтақа бўлиб қолди”, дейди ЖСТ

Шунингдек, ўтган йили Осиё бўйлаб юқори ҳарорат кўрсаткичи дунёда иккинчи ўринни эгаллади.  Ғарбий Сибирдан Ўрта Осиёга, Шарқий Хитойдан Японияга қадар ўртача юқори ҳарорат қайд этилиб, рекорд даражадаги энг иссиқ ёз Японияда кузатилди. 

Ҳимолай, Покистон ва Афғонистондаги Ҳиндукуш тоғ тизмаларида ёғингарчилик нормадан пастлаб кетди.  Жануби-Ғарбий Хитой эса қурғоқчиликдан азият чекди.  Марказий Тибет платосида жойлашган Юқори тоғли Осиё ҳудуди музликлари ҳажми қутб музликларидан кейинги ўринни эгаллайди.  Аммо афсуски, сўнгги ўн йилликда ушбу музликларнинг катта қисми эриб кетди.  Шунингдек, ўтган ёзда Осиёда сув ва об-ҳаво билан боғлиқ 79 та офат қайд этилиб, уларнинг 80% сув тошқинлари бўлган. Натижада 2000 дан ортиқ инсон ҳалок бўлиб, 9 миллион аҳоли зарар кўрган. 

Келаётган ёз қандай бўлади?

Олимларнинг фикрича, жорий 2024 йил 2023 йилдаги рекорд даражадан ҳам иссиқроқ бўлиши мумкин. Бу Эль-Ниньо, яъни Тинч океанининг экваториал қисмида сув сатҳидаги ҳароратнинг аномал кўтарилиши билан боғлиқ.

Олимларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йил 2023 йилги рекордни янгилаши ва кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлиши мумкин. Метеорологлар аллақачон 2023 йил рекорд даражадаги иссиқ йил бўлганини, глобал ҳарорат саноат давридан олдинги ўртача кўрсаткичдан 1,4 даража юқорилаганини тасдиқлаган. Агентликнинг қайд этишича, катта эҳтимол билан 2024 йилда бу кўрсаткич ортади.

Олимлар бу йил сайёрадаги ўртача ҳарорат саноатгача бўлган даврга нисбатан 1,3−1,6 даражага ошишини тахмин қилмоқда. Бундай прогнозлар нафақат ёқилғи ёниши оқибатида иссиқхона газлари ҳажмининг ошиши билан, балки 2023 йилнинг ёзида бошланган Эль-Ниньо табиий ҳодисаси билан ҳам боғлиқ.

Эль-Ниньо — Тинч океанининг экваториал қисмида сув сатҳидаги ҳароратнинг аномал кўтарилиши билан тавсифланган табиий феномен. Бу ҳодиса ҳар 2−7 йилда содир бўлади ва 18 ойгача давом этиши мумкин. Эль-Ниньо эпизодлари пайтида тропик зоналарда ёғингарчилик ва атмосфера айланишининг нормал схемаси бузилиб, бутун дунё бўйлаб экстремал иқлим шароитларини келтириб чиқаради.

Тинч океани сувининг исиши ва сайёра юзаси ҳароратининг кўтарилиши ўртасида кечикиш мавжуд, шунинг учун Эль-Ниньо давридаги иккинчи йил одатда биринчи йилга қараганда иссиқроқ бўлади, дейди АҚШнинг Океан ва атмосфера тадқиқотлари миллий бошқармаси катта олими Майкл МакФаден.