Пахта-2021: “Бюджетник”лар ўз ишларида

Кеча, жорий йилнинг 17 сентябрида Бандлик ва меҳнат муносабатлари” вазирлиги томонидан Сирдарё вилоятининг Сайхунобод ҳамда Боёвут туманларига пресс-тур ташкил этилди.

Аввал ОАВ вакиллари Сайхунобод туманида жойлашган “Қаҳрамон-Зилола” фермер хўжалигида бўлдилар. Ушбу фермер хўжалигида республика бўйлаб келган ҳашарчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, уларнинг ўзлари билан суҳбат қуришди.

— Асли ўзим Фарғона вилоятининг Бағдод туманиданман, — дейди 65 ёшни қаршилаган Раҳима ая. — Умрим пахта ичида ўтди, 9 ёшимдан бери пахта тераман. Мен пахта меҳнатини яхши кўраман. Кўпчиликка қийин туйилган бу меҳнат шунча йил давомида бизнинг ризқимиз бўлиб келди.

Фермер хўжалиги ҳамда кластер раҳбарлари томонидан ишчиларнинг келиб-кетишлари учун алоҳида автобуслар тайинланган, уларнинг ётоқ жой ҳамда кундалик озиқ-овқатларининг харажатлари ҳам кластер томонидан қопланади.

— Биз бугун пахтанинг бир килосига 1 430 сўмдан тўлаяпмиз. Бу республика бўйича энг юқори нархдир. Бундан ташқари, жорий йилдаги теримга давлат идораларида ишловчи бирор ходим мажбурий меҳнат учун жалб этилмаган, — дейди кластер вакиласи Шаҳноза Ашурова.

Ҳашарчиларнинг яшашлари учун тайёрланган “Меҳнат-роҳат шаҳарчаси”да зарурий бинолар ташкил этилган. Жумладан, тиббиёт хонаси, маънавият хонаси, аёллар ва эркаклар учун алоҳида ётоқхоналар, овқатланиш, кир ювиш хоналари, ювиниш кабиналарида барча керакли шароитлар ҳозирланган.

Сайхунободдан сўнг Боёвут туманига борган пресс-тур иштирокчилари у ерда ҳашарчилар учун яратилган шароитлар билан танишишди.

Leave a comment

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *