Абдулла Ориповнинг синглиси шифохонадаги портлашдан вафот этди

Қарши шаҳар Равоқ маҳалласида жойлашган вилоят саломатликни тиклаш шифохонасида 2022 йилнинг 24 декабр куни тонгда портлаш содир бўлгани хабар қилинганди.

Портлашга шифохонанинг иккинчи қаватидаги хоналардан бирида тўпланган газ-ҳаво аралашмаси сабаб бўлгани айтилганди.

Портлаш оқибатида шифохонада даволанаётган 2 нафар бемор куйиш тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий-амалий маркази Қашқадарё филиалига ётқизилганди. Улардан бири марҳум атоқли шоир Абдулла Ориповнинг синглиси 74 ёшли Ойсара Убайдуллаева экани маълум бўлди.

Ойсара Убайдуллаева 2022 йил 30 декабрь куни 80 фоиз куйиш тан жароҳатлари билан шифохонада вафот этди. Бу ҳақда «Nasafnews»га марҳуманинг яқинлари маълум қилган.

Қайд этилишича, Қашқадарё вилояти саломатликни тиклаш шифохонасида портлашдан олдин марҳума Ойсара Убайдуллаева турмуш ўртоғи билан даволанаётган бўлган. Ҳозирда марҳуманинг турмуш ўртоғи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий-амалий маркази Қашқадарё филиалида даволанмоқда.