Ogoh.uz ахборот-таҳлилий порталига Қарши шаҳри Бешкентарик кўчасида истиқомат қилувчи Самариддин Алиқулов исмли фуқародан мурожаат келиб тушди. Навбатдаги мурожаат ҳам асосий муаммолардан ҳисобланган йўл масаласига бориб тақалади.
«Ёзда Бешкентарик кўчаси яъни Самарқанд ва Дарвоза тутак маҳаллаларини ажратиб турувчи кўчамизга асфалт ёзқизилганда қувончимизни чеки йўқ эди. Афсуски, орадан икки ой ўтар-ўтмас, Самарқанд маҳалласига ичимлик суви ўтказиш учун ерни қазиб, шунчаки устига тупроқ қўйиб, кўмиб кетишди. Ҳозир абгор ҳолда қолган лой кўчага айланиб қолди. Ўша раҳбариятга Бешкентарик кўчасини тўғирлаб кетинглар, асфалт ётқизиб, кейин бузиб кетдинглар деб такрор-такрор айтамиз!» дея таъкидлаб ўтди мурожаат эгаси.
Шунингдек, гапнинг сўнггида, «Бирор натижа бўлармикан, йўлимиз тикланса, аҳолимиз анча хурсанд бўларди» дея ҳали ҳамон умиди сўнмаган сўзлар акс этган. Биз бу борада ҳеч нарса дея олмаймиз. Зора, Қарши шаҳар ҳокимлиги масъулларига ушбу йўл масаласида келаётган қатор мурожаатлар таъсир кўрсата олсагина, ижобий натижа кўра олишимиз мумкин. Ҳар ҳолда бўлса-ю, бўлмаса, шундай яхши гумонда бўлиб турамиз.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қарши шаҳридаги Хонтепа аҳолиси ҳам йўл бўйича қийналаётгани, кўча таъмирлаш ишлари чала қолиб кетгани юзасидан мурожаат қилишган эди.
❗️ Биз сизнинг мурожаатларингизни эътиборсиз қолдирмаймиз.