1 мартдан нималар ўзгаради? Солиқ декларацияси, нотариус ваколати, сунъий интеллект ва бошқа янгиликлар

Март ойидан бошлаб қонунчиликда қатор муҳим ўзгаришлар кучга киради. Уларнинг асосийлари қуйидагилар:

Солиқ ходимларининг даромадлари декларация қилинади

1 мартдан жисмоний шахслар даромадларини декларациялаш тажриба-синов тартибида жорий этилади. Дастлаб солиқ органлари ходимлари ҳамда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида рўйхатда турган фуқаролар йиллик даромад декларациясини топширади.

Харажатлар вазирлик ва идоралар маълумотлари, шунингдек фискал чеклар ва ЭҲФлар асосида шакллантирилади. Декларация махсус электрон платформа орқали соддалаштирилган тартибда топширилади. Маълумотлар етарли бўлмаса, фуқаро мобил илова орқали қўшимча ахборот киритиши мумкин. Аниқлаштирилган база бўйича қўшимча солиқ ҳисобланмайди.

“Меҳрли оила” хизмати ташкил этилади

2026 йил 1 мартдан “Инсон” ижтимоий хизмат марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ота-оналари учун “Меҳрли оила” хизмати йўлга қўйилади. Хизмат доирасида ота-оналарга бепул оилавий терапия ва ижтимоий интеграция бўйича кўмак кўрсатилади.

Сунъий ёмғир лойиҳаси

2026 йил 1 мартдан сунъий ёмғир ёғдириш бўйича илмий асосланган пилот лойиҳа бошланади. Камида 3–5 та амалий синов ўтказилиб, ёғингарчиликни 10–20% га ошириш мақсад қилинган. Лойиҳа Экология қўмитаси, Фанлар академияси ва ҳокимликлар иштирокида амалга оширилади.

Нотариусларга янги ваколатлар

2026 йил 1 мартдан нотариуслар БҲМнинг 1000 бараваригача бўлган низосиз талаблар бўйича ижро хатлари ёзиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ижара, коммунал тўловлар ва нотариал тасдиқланган битимлар асосидаги қарздорликларга тааллуқли.

Шунингдек, 1 апрелдан нотариуслар учун ёш чегараси 65 ёшдан 70 ёшгача оширилади.

Давлат харидларида сунъий интеллект

Давлат харидлари порталида бозор нархини сунъий интеллект асосида ҳисоблайдиган модуль ишга тушади. Агар шартнома нархи бозор баҳосидан 10% юқори ёки 20% паст бўлса, харид текширувга сабаб бўлади.

Давлат хизматига қабул — янги тизим

2026 йил 1 мартдан vacancy.gov.uz платформаси орқали давлат фуқаролик хизматига очиқ ва шаффоф қабул тизими жорий этилади. Тест натижалари 1 йил амал қилади. Қўшимча соҳавий тестлар ҳам ўтказилади.

“Ўзбеккосмос” қурилишларни назорат қилади

1 мартдан қурилиш майдонлари космик кузатувга олинади. Рўйхатдан ўтмаган объектлар аниқланса, тегишли идораларга маълумот юборилади. Шунингдек, қурилиш соҳаси мутахассислари учун электрон реестр жорий этилади.

Электромобил таксиларга имтиёз

Электромобилда такси қиладиган ўзини ўзи банд қилган шахсларга ижтимоий солиқ бўйича 10% гача чегирма берилади. Аэропорт ва вокзалларда 30 дақиқа бепул автотураргоҳдан фойдаланиш имкони яратилади.

Йил якунига қадар электромобил таксилар сони 300 минг нафарга етказилиши кутилмоқда.