Тиббиёт мутахассислари аҳолини ўткир аппендицит аломатларига эътиборли бўлишга чақирмоқда. Маълумотларга кўра, бу хасталик айниқса 5–40 ёш оралиғида кўп кузатилади.
Аппендицитнинг дастлабки белгиларига қорин бўшлиғида кучли оғриқ, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич қотиши ёки ич кетиши, шунингдек, тана ҳароратининг кўтарилиши киради. Оғриқ аввалига бутун қорин бўшлиғи бўйлаб тарқалади, кейин эса киндикдан пастга қараб кучаяди.
Мутасаддилар болаларда хасталик тез ва оғир кечиши мумкинлигини, 6–12 соат ичида аппендицит ёрилиши хавфи борлигини таъкидламоқда.
Тиббиёт ходимлари шундай белгилари бор фуқароларни зудлик билан шифокорга мурожаат қилишга чақиради. Аксарият ҳолларда даволаш жарроҳлик амалиёти орқали амалга оширилади, айрим енгил ҳолатларда эса антибиотиклар билан даволаш мумкин.