Давлат буджетининг 2022 йил учун солиқ даромадлари камайтирилганлиги бўйича айрим ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлар юзасидан Давлат Солиқ қўмитаси расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат буджети тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 30-декабрдаги ПҚ-73-сон қарор билан (3-илова) Давлат буджети даромадлари прогнози 200 трлн сўм миқдорида тасдиқланиб, унинг таркибида давлат солиқ хизмати органлари маъмурчилигига масъул солиқ тушумлари 143,5 трлн сўм миқдорида белгиланган.
Ижтимоий тармоқларда тўғри қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 15-апрелдаги ПҚ-208-сон қарорида ПҚ-73-сон қарорнинг 3-иловаси билан тасдиқланган Давлат буджети жами даромадлари, жумладан солиқ турлари бўйича даромадлар миқдори ҳам ўзгартирилмаган.
Ўзгартиришлар 2022-2024 йил учун белгиланган мақсадли индикаторларга тегишли бўлиб, солиқ органлари кўрсаткичлари (151,6 трлн сўм) ҳам тасдиқланган солиқ тушумлари даромадига (143,5 трлн сўмга) мослаштирилмоқда. Таъкидланишича, солиқ органлари томонидан И чоракда буджетга 34,5 трлн сўм миқдорида солиқ тушумлари (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17% ўсган) таъминланиб, белгиланган прогноз кўрсаткичлари 1,3 трлн сўмга ортиғи билан бажарилган.
Иқтисодиётдаги ижобий ўзгаришлар ва солиқ маъмурчилигини рақамлаштириш натижалари билан солиқ базасининг кенгайтирилиши ҳисобига йиллик солиқ тушумлари даромади тўлиқ кафолатланишини маълум қиламиз, дейилади хабарда.