2024 йилда ўлим жазолари сони сўнгги 10 йил ичидаги энг юқори даражага етди. Бу ҳақда “Amnesty International” инсон ҳуқуқлари ташкилоти баёнот берди.
Ташкилот маълумотларига кўра, ўтган йили дунё бўйича 1 518 киши қатл этилган. Бундан олдинги энг юқори кўрсаткич – 2015 йилда 1 634 кишини ташкил қилган. Қатлларнинг асосий қисми (91 фоизи) Эрон, Ироқ ва Саудия Арабистонида амалга оширилган. Умумий қатл этилганларнинг 40 фоизи гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар учун ўлимга ҳукм қилинган.
Эрон, Ироқ ва Саудия Арабистонига жами 1 380 та қатл тўғри келади. Қайд этилишича, Ироқда қатл сони деярли тўрт баравар ошган, Саудия Арабистонида эса икки баравар кўпайган. Эрон эса ўтган йилга нисбатан 119 кишига кўпроқ одамни қатл қилган.
Ташкилот ҳисоботида айтилишича, келтирилган рақамларга Хитой, Шимолий Корея ва Вьетнамда қатл этилган “минглаб одамлар” киритилмаган. Шунингдек, давом этаётган ҳарбий можаролар туфайли ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, Фаластин ва Суриядаги қатл ҳолатлари бўйича ишончли маълумотларни олиш имкони бўлмаган.
Шунга қарамай, “Amnesty International”нинг қайд этишича, 2024 йилда ўлим жазолари атиги 15 давлатда ижро этилган. Бу эса ташкилот томонидан кетма-кет иккинчи йил қайд этилаётган рекорд даражадаги паст кўрсаткичдир.